ICESCO космик илм-фан умумжаҳон форумида «Ўзбеккосмос» вакиллари иштирок этди

Сана: 09.11.2021

Жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бутунжаҳон Ислом ташкилоти (ICESCO) ва АҚШ космик жамғармаси томонидан ташкил этилган космик илм-фан глобал форуми бўлиб ўтди. Форумда космик илм-фан соҳасида ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги тафовутни бартараф этиш ва Ислом дунёси мамлакатларини амалий космик фанлар ва тегишли соҳаларга инвестиция киритишга рағбатлантириш мақсадида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича бир қатор йўналишлар муҳокама қилинди.

Рабатдаги ICESCO штаб-квартирасида видеоконференция шаклида ташкил этилган, "Космик илм-фан келажаги бўйича қўшма тадқиқотлар" мавзусига бағишланган форумда расмийлар, экспертлар, сиёсатчилар ва космонавтлар иштирок этди. Иштирокчилар космик тадқиқотлар ўтказиш ва тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун зарур молиявий ресурсларни жалб қилиш, инсон ресурсларини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, улар Ислом дунёсидаги ёшлар ва аёллар учун космик илм-фан ва технологияга интеграциялашувини таъминлаш, «старт-уп»ларни қўллаб-қувватлаш ва космик илм-фаннинг аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш учун рағбатлантириш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Шунингдек, космик илм-фанни қўллашда академик ва саноат тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилиниб, мусулмонлар ўз тарихи давомида космик илм-фан ва инновацияларга доимо эътибор қаратишгани таъкидланди. Иштирокчилар академик институтлар ва тадқиқотчиларнинг космик технологияларни қўллаб-қувватлаши, шунингдек, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва космик илм-фаннинг афзалликларидан фойдаланиш, ёшларнинг инновацион салоҳиятини мустаҳкамлаш учун хусусий секторни жалб қилиш зарурлигини таъкидлаб, барча давлатларни космик фанга интеграциялашишга чақирди.

ICESCO таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги вакиллари мазкур форумда видеоконференсалоқда тарзида иштирок этишди. Хусусан, Халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Исмоил Расулов "Барқарор ривожланишни таъминлашда космик технологиялардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш" мавзусида тақдимот ўтказди ва "Ўзбеккосмос" агентлиги, унинг фаолияти, амалга оширилган ишлар ва келажак режалар ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.

Матбуот хизмати