“Ўзбеккосмос” космик технологиялар соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Сана: 11.11.2021

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги космик технологиялар соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Хусусан, агентлик БМТнинг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP)  Ҳукуматлараро маслаҳат қўмитасининг Барқарор ривожланиш учун космик технологияларни қўллаш минтақавий дастури(ICC RESAP) таркибига 35-аъзо ташкилот сифатида кирди.

ICC RESAP дастуринингнинг асосий мақсади ESCAP нинг минтақада барқарор ривожланишга эришиш учун космик технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича сиёсий ва техник тавсиялар беришдир.

ICC RESAP ўз фаолиятини 2018–2030- йилларда барқарор ривожланиш учун космик технологиялардан фойдаланиш бўйича Осиё-Тинч океани ҳаракатлар режасига мувофиқ амалга оширади, унинг устувор йўналишлари – табиий офатлар хавфини камайтириш ва уларга қарши чоралар кўриш, табиий ресурсларни бошқариш, 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун космик технологияларни қўллаш, ижтимоий ривожланиш, геоинформацион технологияларни қўллаш, қайта тикланадиган энергетика салоҳиятини аниқлашда геоинформацион маълумотлардан фойдаланиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва уларга қарши чоралар кўриш учун устувор йўналишларни белгилаш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларни олдини олиш учун геоахборот маълумотларидан фойдаланиш ҳисобланади.

Мазкур ICC RESAP дастурида иштирок этиш – қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва тажриба алмашиш, техник қўллаб-қувватлаш дастурларида қатнашиш, ҳукуматлараро муҳокамаларда иштирок этиш ва иқтисодиёт тармоқларида космик технологияларни қўллашнинг минтақавий амалиёти билан танишиш имконини беради.

Матбуот хизмати