Космик соҳадаги йўналишлар бўйича магистратурага квоталар ажратиш масаласи ишлаб чиқилмоқда

Сана: 12.11.2021

«Ўзбеккосмос» агентлиги космик соҳада кадрларни тайёрлаш бўйича Москва авиация институти (Миллий тадқиқот университети) ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ишлари бўйича Федерал агентлик, чет элда яшаётган ватандошларимиз ва Халқаро гуманитар ҳамкорлик («Россотрудничество») кўмагида Ўзбекистонлик абитуриентлар учун космик соҳадаги йўналишлар бўйича магистратурага квоталар ажратиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Абитуриентларни танлаш мамлакатимизнинг 4 та университетларида ўтказилди:

1. Турин политехника университети;

2. Тошкент давлат транспорт университети;

3. Тошкент ахборот технологиялари университети;

4. Ёджу Техника институти.

Танлов 26 октабрдан 8 ноябргача давом этди. Аризачилар сони 78 киши бўлиб, улардан 15таси танловдан муваффақиятли ўтди.

2021 йил 9 ноябрь куни «Ўзбеккосмос» агентлиги вакили Мухамедов Жавоҳир, Москва авиация институти (МАИ) вакили Татяна Егай ва “Россотрудничества” вакили Татяна Колоколовалар билан учрашув бўлиб ўтди.

Татяна Егай бўлажак магистрантларни МАИнинг тузилмаси ва йўналишлари билан таништирди. Татяна Колоколова МАИга квота бўйича қабул қилиш имкониятлари ва ҳужжатларни тақдим этиш ҳақида батафсил маълумот берди. Жавоҳир Мухамедов Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан келгусида ишга жойлашиш ва ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ кенг имкониятлар яратилаётганлиги ҳақида маъруза қилди.

Матбуот хизмати