Тўғонлар сейсмик мустаҳкамлигини космик мониторинг қилиш тизими жорий этилади

Сана: 18.11.2021

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Ўзбекистон сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси regulation.gov.uz порталида эълон қилинди.

Мазкур қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган:

2022 йил 1 июнга қадар Фанлар академияси, Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги энг сейсмик фаол, ўрта фаол ва тинч ҳудудлар ҳамда майдонларни ўзида мужассамлаштирган интерактив онлайн харита ишлаб чиқади ва улардан фойдаланувчилар рўйхатига аҳоли пунктлари бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчи юридик шахсларни (лойиҳа ташкилотларини) қўшади;

2022 йил 1 октябрга қадар сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бино ва иншоотлар майдонининг зилзилалар оқибатида деформацияси, силжиши, чўкиши каби омилларни аниқлашга мўлжалланган радиолокацион космик мониторинг тизимни жорий этади;

Сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан билан ҳамкорликда сув омборлари тўғонларининг сейсмик мустаҳкамлиги даражасини доимий космик мониторинг қилиш тизимини жорий этади;

Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда геоахборот технологияларини қўллаган ҳолда зилзила натижасида тўғон ўпирилиши оқибатида сув босиши мумкин бўлган ҳудудларнинг визуал моделларини яратади;

Сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда зилзила натижасида тўғон ўпирилиши оқибатида қутқарув ишларини ташкиллаштиришида тегишли вазирлик ва идораларни зарур космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаш тизимини яратади;

белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда тегишли вазирликлар ва идоралар Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг талабномасига мувофиқ сўралган маълумотларни ишчи тартибда тақдим этилишини таъминлайди.