Ўзбеккосмос агентлиги ва Москва авиация институти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Сана: 22.11.2021

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги бош директори Кадиров Шухрат Мунавварович ва Москва авиация институти (МАИ)нинг ўқув ишлари бўйича проректори Козорез Дмитрий Александрович ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Дастлаб, Ш. Кадиров МАИ вакилларини Ўзбеккосмос агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари, Ўзбекистонда космик соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

Сўнг, томонлар юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва мазкур соҳа бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этишдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, хорижий вакиллар МАИ ва унинг таълим йўналишлари, хорижий талабаларнинг МАИда таълим олиши жараёни хусусида батафсил маълумот бериб ўтишди. Хусусан:

1.        Ҳозирда МАИ Ўзбекистоннинг Тошкент давлат транспорт университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан аэрокосмик соҳа бўйича кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилмоқда;

2.        Бакалавр йўналишининг техника факультетларида 2- курсда таҳсил олаётган талабалар таълимни МАИга кўчириб, қолган икки йиллик таълимини МАИда давом эттириш имкониятига эга;

3.        МАИ томонидан Ўзбеккосмос агентлиги сўровига асосан қисқа муддатли ходимларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш имконияти мавжуд.

Учрашув якунида, МАИ ва Ўзбеккосмос агентлиги ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ҳамда икки томонлама тажриба алмашишга келишиб олдилар.

   Учрашув илиқ ва дўстона руҳда ўтди.

Матбуот хизмати