• Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Kосмик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги
“Airbus Defence & Space” компаниясининг космик ер усти инфратузилмаси, геоахборот маълумотларини қайта ишлаш маркази билан танишилди

Сана: 22.06.2022

“Ўзбеккосмос” агентлиги ишчи гуруҳи Франциянинг Тулуза шаҳрига ташрифи доирасида  “Airbus Defence & Space” компаниясининг космик ер усти инфратузилмаси, геоахборот маълумотларини қайта ишлаш маркази билан танишди. Ташрифнинг бошида ишчи гуруҳга компания ҳақида қисқача маълумот берилди. Унинг тарихи, имкониятлари, жорий ҳолати, хусусан, космик соҳада эришилган ютуқлар ва келажакдаги режалар билан таништириб ўтилди.

Ушбу марказ “Airbus Defence & Space” компаниясининг асосий маркази бўлиб ерни масофадан зондлаш учун қўлланиладиган 6 та оптик ва 3 та радарли сунъий йўлдошдан иборат бўлган сунъий йўлдош туркумини бошқариш станциясидан иборат. Ушбу станция барча парвозларни бошқариш, сунъий йўлдош орбиталарини бошқариш ва суратга олиш бўйича вазифаларни белгилашнинг асосий нуқтасидир. Тақдимот чоғида бутун дунё бўйлаб ер усти станциялари кўп бўлишига қарамай, уларнинг барчаси қабул қилиш учун ишлаши ва фақат шу станция сунъий йўлдошларни бошқариш имкониятига эга эканлиги таъкидланди.

Кейинчалик ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошларидан маълумотларни қабул қилиш учун мўлжалланган ерусти станцияси кўрсатилди. Станциянинг диаметри 5,5 метр бўлиб, уни ташқи муҳит таъсиридан ҳимоя қилувчи ҳимоя гумбази мавжуд. Ерусти станцияси 2300 км гача ишлаш радиусига эга бўлиб, бу ўз навбатида антенна ишлаш радиусида учувчи бир нечта сунъий йўлдошлардан маълумотларни қабул қилиш имконини беради.

Кейинчалик, сунъий йўлдошлардан олинган маълумотларни қайта ишлаш бўйича сегмент намойиш этилди. Маълумотлар пиксел йиғиш, созлаш, гео-боғлаш каби бир қатор ишлов бериш босқичларидан ўтади. Сегмент сўров бўйича ишлов берилмаган тасвирлар ёки тайёр ортофотолар, рельефнинг ва ҳудуднинг рақамли модели, ва 3Д ер моделларини тақдим этиши мумкин. Қабул қилинган маълумотлар таҳлил сегментига ўтказилади. Ушбу марказ қишлоқ, сув хўжалиги, ўрмон хўжалиги, экология, геология, ердан фойдаланиш каби турли соҳалардаги муаммоларни ҳал қилиш учун ерни масофадан зондлаш маълумотларини қайта ишлаш кўникмаларини намойиш этади. Шунингдек, геофазовий разведка учун ечимлар ҳам кўрсатилди. Ушбу ечимлар ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг манфаатларида ерни масофадан зондлаш маълумотларини таҳлил қилиш учун мўлжалланган.

Шу билан бирга, “Airbus Defence & Space”нинг шўба корхонаси “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси бош директори Э. Перез билан учрашув ўтказилди. Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилдилар. Самарқанд вилоятида “ГеоФерма” лойиҳасининг амалдаги ҳолати ҳақида икки томон ҳисоботи тингланди. Кейинги ишлар режаси, шунингдек, лойиҳани республика миқёсида кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Агентлик Ўзбекистон Республикасида космик технологияларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, космик мониторинг доирасида ерни масофадан зондлаш маълумотларидан фойдаланиш ва давлат космик мониторинги дастурини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди ҳамда “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси томонидан дастур доирасидаги лойиҳалар доирасида космик суратлар билан таъминлашга тайёрлиги билдирилди.

Франция томонининг таклифи асосида, дастлаб, виртуал станциядан фойдаланиш орқали ерусти станциясини жойлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилди. Лойиҳани амалга оширишнинг умумий муддати барча техник ҳужжатларни тасдиқлаш, ўрнатиш ва ишга тушириш, шунингдек, Агентлик мутахассисларини ўқитиш муддатларини ҳисобга олган ҳолда камида 2 йилни ташкил этади. Агентлик қабул қилиш станциясини келгусида биргаликда ишлатиш имконияти орқали харажатларни тақсимлашни кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек, амалдаги “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси сунъий йўлдош туркуми доирасида Ўзбекистон Республикаси манфаатлари учун Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошини яратиш имконияти муҳокама қилинди. Ушбу механизм компаниянинг Ўзбекистон ҳудудидаги барча туркумларига эксклюзив эгалик ҳуқуқини ва потенциал Ўзбекистон сунъий йўлдошидан “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси орқали маълумотларни биргаликда сотиш имконини беради.

Агентлик томонидан маҳаллий мутахассисларнинг малакаси ва техник салоҳиятини ошириш муҳимлигини таъкидлади. “Airbus DS GEO Intelligence”  компанияси Агентлик ходимлари учун қисқа курслар ўтказиш имкониятини тасдиқлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мутасадди идоралар вакиллари ишчи гуруҳини “Airbus DS GEO Intelligence” компаниясига ташрифини ташкил этиш масаласини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқиш имконияти мавжудлиги таъкидланди.