Расмий номи

Тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги;

Қисқартирилган номи -  «Ўзбеккосмос» агентлиги

 

Асосий вазифалар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 17 сентябрдаги 781-сон қарорига мувофиқ «Ўзбеккосмос» агентлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолият, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

космик фаолиятнинг зарур даражада ривожланишини таъминлаш, соҳага тегишли ва у билан боғлиқ ишлар бажарилишини, хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида космик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича давлат назоратини амалга ошириш;

космик тармоқ инфратузилмаси, космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик ва инновация ишларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича кадрларни, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

стратосфера ва учувчисиз бошқа учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаш орқали давлат органларига вазифаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни космик фаолият соҳасига, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

космик ва йўлдош технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат тузилмалари, ишлаб чиқарувчилар ва молия ресурсларининг кенг жалб этилишини таъминлаш;

космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилишини рағбатлантириш.

 

Ҳуқуқий асос

                Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида»ги 2019 йил 30 августдаги ПФ-5806-сон Фармонига мувофиқ таъсис этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 17 сентябрдаги 781-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган.